Ijtimoiy tarmoqlar:
АДОЛАТ ВА ҚУДРАТ ТИМСОЛИ

#Амир_Темур

Биз ҳамиша буюк ўтмишимиз, эзгу амаллари туфайли жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган улуғ аждодларимиз билан фахрланамиз. Уларнинг муносиб давомчиси сифатида хайрли юмушлар ташаббускори бўлишга, бунёдкорлик салоҳиятимиз ила она юртимизни янада обод этишга интиламиз. Зеро, бундай азму шижоат бизга соҳибқирон бобомиз Амир Темурдан меросдир.  
Республика Маънавият ва маърифат маркази  томонидан Ўзбекистон Миллий университети  билан ҳамкорликда “Соҳибқирон Амир Темур  – адолат ва қудрат тимсоли” мавзуида илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманни университети ректори Иномжон Мажидов очиб, дастлабки сўз навбатини Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзога берди.
Минҳожиддин Ҳожиматов ўз сўзида қуйидагиларга тўхталиб ўтди:
Амир Темур, аввало, Мовароуннаҳрда оғир ва ечилиши мушкул ҳаёт-мамот масаласи бўлган, 150 йил давомида аждодларимизнинг тинкасини қуритган мўғуллар зулмига барҳам берди. У Мовароуннаҳрни ягона давлатга бирлаштириш билан чегараланмади, давлатнинг сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий асосларини шакллантириб ва мустаҳкамлаб, буюк салтанат даражасига кўтарди. 27 давлатни бирлаштирган Амир Темур салтанатига маҳобати, маънавий ва илмий  кашфиётларининг бойлиги, барқарорлиги ва қудрати борасида ўша даврнинг бирорта давлати тенглашолмайди. Бу тарихий ҳақиқатдир. 
Алишер Навоийга ҳам Амир Темурнинг илм ва маънавият аҳлига кўрсатган ғамхўрлиги жуда ёқар эди. Бу ҳақда Навоий шундай деганди: “Агар Темур қаерда фан, маданият ва санъат аҳлини учратса, уларни ўз ҳомийлигига олар, уларга иззат-икром кўрсатар, уларнинг тарбиясига аҳамият берар ҳамда бу зотлардан ўз олий мажлисида надим (маслаҳатчи) сифатида ва бошқа лавозимларда фойдаланарди”. 
Буюк аждодимиз, йирик давлат арбоби, илм-фан ва маданият ҳомийси, моҳир саркарда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига бағишлаб ўтказилган илмий-маърифий анжуманда  Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Дилором Юсупова, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев,  шоира Сайёра Тўйчиева, темуршунос олим Ҳаким Сатторий, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминовлар сўз олиб, жаҳон тамаддуни тарихига Темурийлар даври Ренессанси номи билан илм-фан, маданият тарихида чуқур из қолдирган давр сифатида алоҳида аҳамиятга эга эканлиги, бугун буюк бобомизнинг адолат, мамлакатни ҳар жиҳатдан тараққий топтиришдек эзгу орзулари ижобат бўлаётганлиги, энг муҳими, Истиқлол шарофати билан миллий қадриятларимиз қадр топиб, тарихий адолат тикланиб, бу беназир зотнинг ҳаёти ва фаолиятига дахлдор холис ҳамда ҳаққоний қарашлар юзага чиққанлиги борасида қизиқарли фикр-мулоҳаза билдирдилар.
Дарҳақиқат, Амир Темур шахсини идрок этиш — тарихни идрок этишдир. Амир Темурни улуғлаш — тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир.

Мухтасар ҚОДИРОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази етакчи мутахассиси

07.04.2021